АҲОЛИ МУРОЖААТИ ИНОБАТГА ОЛИНИБ

канални қазиш ишлари бугундан бошланди

___Минтақамизда кейинги 3-4 йилда кетма-кет кузатилаётган сув танқислиги Оролбўйи ҳудудларига кўпроқ таъсир кўрсатмоқда. Бу аҳолининг томорқа майдонларини суғориш масаласида масъулларга мурожаатлар билан чиқишига ҳам сабаб бўлмоқда.

___Куни кеча  Қораўзак тумани “Қораўзак” ОФЙ ҳудудида яшовчи бир гуруҳ маҳалла фаоллари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига туманга сув етказиб бериш ва сув танқислиги орқасидан юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мурожаат қилган эди.

___Бугун, яъни 23 апрель куни эрта тонгдан аҳолининг мурожаатини жойида ўрганиш ва ижобий ечим топиш мақсадида “Қойбақ” сув тақсимлаш иншооти олдида масъуллар аҳоли вакиллари билан учрашди.

___Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дарьябай  Кайпов аҳолининг мурожаатини тинглаб,  Қораўзак тумани ва унинг чекка ҳудудларига кам сув даврида ҳақиқатан ҳам сув етиб бориши қийин бўлаётганини, ушбу муаммони бартараф қилиш бўйича чоралар кўрилишини таъкидлади.

___Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Адилбек Реимбаев, Қораўзак тумани ҳокими Узақберген Утамбетов, ҳудуддаги сув хўжалигининг тизим ташкилотлари, сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ва реконструкция ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатини ҳал қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди.  

  ___Таъкидланишича,  Қораўзак таманига сув етказиб берувчи “Есим ўзек” каналининг  16,6 километр қисмида 2022 йилда реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунда “УзГип” МЧЖ Қорақалпоғистон шўъба корхонаси томонидан лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, давлат экспертиза хулосалари олинган ва  тедер савдолари якунига кўра ушбу объектда “Бунёдкор Мерос” МЧЖ пудрат ташкилот томонидан реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган.

___Учрашувда аҳолининг мурожаатларини ижобий ҳал қилиш, туманда сув таъминотини яхшилаш мақсадида шу куннинг ўзида  “Есим ўзек” каналини қазиш ишлари бошланди.  “Бунёдкор Мерос” МЧЖ вакили  молиялаштиришни кутиб ўтирмасдан бугуннинг ўзида 7 та экскаватор мазкур каналда иш бошлашини ва уларни 12 тага етказишни таъкидлади.

___-Мурожаатимизни ҳал қилиш, овулимизга сув етказиш учун ҳаракат қилаётган раҳбарлардан розимиз, – дейди “Қораўзак” ОФЙ ҳудудида яшовчи  Амангелди Насиров. – Ҳақиқатан ҳам канални қазиш учун лойиҳа ишланаётганини эшитиб юрардик. Мана ҳозир лойиҳа билан ҳам танишдик ва ўзимизнинг таклифларимизни ҳам айтдик. Лойиҳа бўйича ҳали молиялаштириб улгурилмаган бўлсада, мана кўз ўнгимизда ишларни бошлашди. Бунинг учун овул аҳли номидан раҳбарларга раҳмат айтамиз.

__

Нуроний отахонлар дуоси билан каналнинг қазиш ишлари бошланди. Аввало, каналнинг 6 километрдан ортиқроқ қисмида сув келишига тўсиқ бўлиб турган қисмларини қазиб тозалаш зарурлиги белгиланди. Бу борада Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари томонидан экскаваторларни 15-20 тага етказиш чоралари кўрилиши таъкидланди.

 Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби