___
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Чимбой, Шуманай, Қўнғирот туман ирригация бўлимларида Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги тегишли қарорлари ижроси бўйича мавсум давомида бажарилаётган ишларни кузатиб, мазкур ишлар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.
___Ш.Хамраев Чимбой туманидаги Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 июндаги «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган семинарда иштирок этди ҳамда мазкур қарорнинг аҳамияти ҳақида, шунингдек, ерлар деградациясига қарши курашиш ва бу борада Оролбўйи ҳудудларида амалга ошириладиган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
___Шунингдек, семинарда Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазири в.б А.Реимабаев ҳам сўз олиб, бу борада сув хўжалиги ходимлари зиммасидаги вазифалар, хусусан суғориш тадбирларида ерлар деградациясига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
___Семинарда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институти, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти олимларининг “Орол бўйи деградацияланган ерларда ем хашак экинларнинг янги навларини яратиш ва уруғлигини ташкил этиш”, “Тупроқнинг доимийлиги ва ўзгарувчанг қобилиятларига тасир этувчи факторлар”, “Тупроқ деградацияси ва уларга қарши кураш чоралари”, “Ерларнинг деградациясига сув танқислигининг таъсири” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
___–Олимларнинг маълумот беришича Ўзбекистон иқлимида бир сантиметр ҳосилдор тупроқ пайдо бўлиши учун агар бу жараёнга бошқа омиллар аралашмаса юз йилдан кўп вақт кетар экан, – дейди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи Қ.Мурадов. – Шу боис қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун яроқли бўлган тупроқ миқдори ҳам жуда чекланган. Ўзбекистондаги барча деҳқончилик дарёлар бўйлаб ҳамда тоғлар ва чўллар орасидаги тор ер майдонларида жамланган. Мамлакатимиздаги ернинг 9,5% гина республика аҳолисини боқмоқда, десак янглишмаймиз. Бу жуда қимматбаҳо капитал – заҳира эмас, айнан асраб-авайланиши керак бўлган капитал.

___Ерлар сифатининг ёмонлашиш жараёни, улар ҳосилдорлигининг пасайиши – ерлар деградациясидир. Қурғоқ иқлим шароитида ерлар деградацияси кўп ҳолларда чўлланиш жараёнига ўтиб кетади, бунда ҳосилдор ер саҳрога айланади.
___Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, Президентимизнинг шу йил 10 июндаги ПҚ-277-сонли қарори ҳосилдор майдонларни асраб-авайлаш, деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратишда муҳим дастурил-амал вазифасини бажарадиган муҳим ҳужжат бўлди. Биз, олимлар ва бошқа мутасадди вазирликлар ҳамда сув хўжалигининг барча тизим ташкилотлари билан биргаликда бу борада белгиланган вазифаларни бажаришга киришдик. Чимбой туманида ўтказилган семинарда бу борада амалга оширадиган вазифаларни белгилаб олдик.


___Тадбир иштирокчилари Чимбой туманидаги Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба дала-майдонларида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди. Далада олимлар ва сув хўжалиги масъуллари Тупроқ деградацияси ва уларга қарши кураш чоралари ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.___
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби