Беруний туманидаги “СНСЭ №163” насос станциясида электр энергиядан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш, куз-қиш мавсимидаги таъмирлаш ишларини бошлаш ва ёрдамчи хўжаликларни ташкил қилиш юзасидан семинар ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси ҳамда насос станциянинг масъул ходимлари иштирок қилган тадбирда насос станцияларига рақамли технологияларни жорий қилиш, хусусан, сув ва электр энергия сарфини онлайн кузатувчи қурилмаларни ўрнатишнинг аҳамияти, шунингдек, ҳимоя зоналарида ёрдамчи хўжаликлар ташкил қилиб, ишчи-ходимлар даромадини ошириш ҳамда техника хавфсизлик қоидалари юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Таъкидланганидек, “СНСЭ №163 ” насос станциясида 2 та “20 НДН” русумидаги сув насос агрегатлари бўлиб, тумандаги 135 гектар фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларига сув етказишга хизмат қилади. Ҳозирда насос агрегатлари таъмирланиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилган. Шунингдек, чиқарилган сув микдор и ҳамда сарфланган электр энергияни ўлчовчи 2 та рақамли қурилма ўрнатилиб, Сув хўжалиги вазирлигининг маълумотлар базасига интеграция қилинган.

Семинарда мазкур насос станциясига ўрнатилган сув ўлчовчи рақамли қурилмалар доимий ишлашини назорат қилиш белгиланди. Шунингдек, электродвигателларни мунтазам назорат қилиш, уларга тежамкор ускуналарни ўрнатиш ҳамда насос агрегатлари таъмирини ўз вақтида олиб бориш, ишчи-ходимларнинг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиши бўйича ҳам тушунчалар берилди.
Тадбир якунида насос станцияларида ишчи-ходимларга қулай шароит яратиб бериш, ёрдамчи хўжаликларда етиштирилган маҳсулотларни уларга бепул тарқатиб бериб, даромадини оширш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати