КУЗ-ҚИШ МАВСУМИДАГИ МУҲИМ ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

___Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида куз-қиш мавсумида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

___Бугун, яъни 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров, вазирликнинг бошқарма бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирлари, туман ҳокимлари, олимлар, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Нукус, Кегейли, Чимбой ва Қораўзак туманларида кўргазмали семинарлар ўтказилди.

___Тадбирларда келгуси йилда сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, экин майдонларини лазер ускунаси ёрдамида текислаш, шўр ювишда агротехник қоидаларга амал қилган ҳолда сувни иқтисод қилиш, “Долзарб 40 кунлик” дорасида кўчат экиш ва захира яратиш масалалари кенг муҳокама этилиб, олимлар ва соҳа мутахассислари тавсияси билан амалга оширилиши лозим вазифалар белгилаб олинмоқда.

___Тадбирларнинг бевосита далаларда ўтказилаётганлиги бугунги ва келгуси ишларимизни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон филиали директори, т.ф.н Сагит Курбанбаев. – Негаки, олимлар ва соҳа мутахассислари далани лазер ёрдамида текислаш, шўр ювиш учун пол олишда нималарга эътибор қаратишлари зарур, мавжуд сувдан самарали фойдаланган ҳолда кўпроқ ҳосил олиш учун куз-қиш мавсумида қайси тадбирларни амалга ошириш лозимлиги ҳақида ҳар бир далада тавсияларимизни бериб ўтмоқдамиз.

___Кўргазмали семинарларда сўнгги йилларда кузатилаётган сув танқислиги ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида кенг маълумот берилди. Бу борада келгуси йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда тежамкор технологияларни жорий қилиш, хусусан, 2022 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилиш тавсия қилинди. Шунингдек, олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан сув манбаларининг камайиб бориши, янги сув тежовчи технологияларнинг аҳамияти кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарларига кенг тушунтирилди.

___Шу каби кўргазмали семинарлар барча туманларда ўтказиб, унда куз-қиш мавсумида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

матбуот котиби