Сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш юзасидан “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси туманларида 2024 йил давомида ўтказилган назорат тадбирлари доирасида экин майдонларини кўллатиб суғориш, шартнома тузмасдан ёки махсус рухсатномасиз сув олиш, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозламасдан мъёридан ортиқча сув олиш, берилган ва олинган сувнинг ҳисоби қайд этилмаганлиги каби ҳолатлар бўйича сувдан фойдаланувчи ҳамда сув истеъмолчилари жами 1567 та камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.
Ўрганишларда 23,9 млн куб метр сув ноқонуний олингани ёки исрофгарчиликка йўл қўйилгани аниқланиб, Инспекция томонидан ваколати доирасида 891 та ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима санкциялар қўлланилди.
Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 33 та ёзма кўрсатма ва 196 та ҳолат бўйича сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Шу билан бирга, Инспекция томонидан 2020-2023 йилларда пахта майдонларига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган 180 та тадбиркорлик субъектлари ўрганиб чиқилиб, сувни тежайдиган суғориш технологиясидан мақсадли ва самарали фойдаланмаган кластер ва фермер хўжаликларига ёзма огоҳлантирувлар берилиди.
Сув хўжалиги объектларининг барқарор ишлашини назорат қилиш бўйича ўтказилган ўрганишлар бўйича масъулларга берилган кўрсатмалар натижасида ҳозирги кунгача 100 дан ортиқ камчиликлар бартараф этилди. Гидроиншоотларни таъмирлаш ишлари айни кунларда ҳам қизғин давом эттирили, суғориш мавсумига тараддуд кўрилмоқда.

Бундан ташқари, “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида” Қонунининг мазмуни ва моҳиятини тушунтириш ишлари бўйича ҳар хафтада семинарлар ташкил қилиниб келинмоқда.
Сув ресурслари дунё мамлакатлари учун нафақат аҳоли, саноат ва суғориладиган деҳқончиликни оби-ҳаёт билан таъминлайдиган манба, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, қолаверса, бутун минтақанинг экологик мувозанатини сақлаб турувчи муҳим омилдир. Шу боис ҳар бир истеъмолчи сувдан фойдаланишда қонуний талаб ва меъёрларга амал қилиши зарур. Юртимизда сув ресурсларидан фойдаланиш доимий назоратдадир.
Р.Узақов,
“Сувхўжаликназорат” инспекциясининг
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг бўлим бошлиғи