“Сувчилар мактаби” лойиҳаси Қорақалпоғистонда

___ Маълумки, жорий йилнинг 18 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинган йиғилишда “Сувчилар мактаби” лойиҳасини амалга ошириш бўйича топшириқ берилган эди. Шунга кўра 29 май куни Сув хўжалиги вазирлиги ва “Агробанк”, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида “Сувчилар мактаби” лойиҳасига старт берилди.

___ Айни кунларда “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси туманларида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

___ Қораўзак туманида ўтказилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Назаров иштирок қилиб, “Сувчилар мактаби” лойиҳа доирасида ташкил қилинаётган тадбирларнинг аҳамияти, хусусан, ушбу семинарлар фермер ва бошқа сув истеъмолчиларини сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини оширишда муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлаб ўтди.

___ Ўқув-семинарида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти”, Миллий тадқиқот университети, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Туркия давлатидан ташриф буюрган сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича етакчи мутахассислар иштирок қилиб, тингловчиларга ўқув-семинарида белгиланган мавзулар юзасидан маъруза ва тақдимотлар қилди.

___ -Семинарда сув тежовчи технологияларни жорий қилишда берилаётган имтиёзлар ҳақида кенгроқ маълумот берилмоқда, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг сектор раҳбари Абу Қидирбаев. – Маълумки, Президентимизнинг ўтган йил 1 мартдаги тегишли қарорларига кўра, Оролбўйи минтақасида томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган, айтайлик, фермерларга олдин 8 миллион сўм субсидия ажратилган бўлса, ҳозир базавий ҳисоблаш миқдори 12 миллион сўмгача субсидия ажратилиши назарда тутилган. Ўқув-семинари давомида фермерлар билан мулоқотларимизда айримлари субсидия миқдорлари оширилгани ҳақида етарли маълумотга эга эмасликлари маълум бўлди. Биз, бу борада тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтирмоқдамиз. Бугунги семинар давомида “Сувни тежовчи технологиялар турлари, афзалликлари ва уларнинг самарадорлиги”, “Хорижий тажриба. Замонавий суғориш тизимининг аҳамияти ва сувдан фойдаланиш маданияти” мавзуларида асосан сувдан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилган бўлса, “Иқтисодий ва ҳуқуқий саводхонлик: субсидия, кафилликлар, солиқ имтиёзлари ва банк кредитлари” мавзусида айнан субсидиялар, унда Оролбўйи учун алоҳида имтиёзлар берилгани тушунтирилмоқда.

___ “Сувчилар мактаби” ўқув-семинари доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 5 минг нафардан ортиқ фермерлар ва сув хўжалиги ходимларининг малакасини ошириш режалаштирилган.

___ Маълумот учун: Ҳозирги кунгача Элликқалъа, Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай, Хўжайли, Тахиатош, Тахтакўпир ва Қораўзак туманларида “Сувчилар мактаби” ўқув-семинарлари ўтказилди. Белгиланган график асосида бошқа туманларда ҳам ўтказилиши назарда тутилган.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби