Чимбой тумани: Муассасанинг иқтисодий имконияти ички каналларни бетонлаштиришга замин яратмоқда

Олдин хабар берганимиздек, Қорақалпоғистон Республикаси туманларида ички каналларни бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Чимбой туманида ҳудудлардаги каналларга навбатлаб сув бериш графикларига кўра, “Тазгара” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Шохариқ” ички каналига сув бериш вақтинча тўхтатилиб, бетонлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Муассасамизнинг иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб, тумандаги ички каналларда сув йўқотишларни камайтириш чораларини кўрмоқдамиз, – дейди Чимбой тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Айдарбек Қадирбаев. – Ҳудудларга етказиб берилган сув миқдорлари белгиланган муддатларда солиқ ҳисоботига киритиб борилмоқда. Сув солиғининг 40 фоизи ҳисобидан шакллантирилган маблағлар ҳисобидан цемент, қум ва шағал ҳамда бетонлаш учун зарур бўлган материаллар захирасини яратиб қўйган эдик.

Муассасасамиз балансидаги каналларнинг 24 километр қисмини бетонлаштириш режалаштирилган. Ҳозиргача 15,75 километр қисми бетонлаштирилиб, бу ишлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.  

Эътиборлиси, юртимизда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечишга қаратилган ислоҳотлар натижасида мана шундай амалий ишлар олиб борилмоқда. Гувоҳи бўлаётганимиздек, тизим самарали ишлаши натижасида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасининг иқтисодий имконияти ўз ҳисобидаги ички каналларни босқичма-босқич бетонлаштиришга замин яратмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати