Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги “Боғи Назар Хўжайли” фермер хўжалиги даласида ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Семинарда туман ҳокими Д.Курбанов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходими Н.Худайбердиев, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси А.Қидирбаев, ҳудуддаги қишлоқ ва сув хўжалиги масъуллари, фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок қилди.
Тадбирда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича кредитлар ажратиш тизимига киритилган ўзгартишлар ҳақида фермерларга кенг турда маълумот беришди. Семинарда янги онлайн “Suvkredit.uz» платформаси ҳамда қорақалпоғистонлик фермерларга сув тежовчи технологияни жорий қилишдаги яратилаётган имкониятлар ҳам айтиб ўтилди.
Маълумот берилишича, 2024 йилда Тахиатош туманида 100 гектар майдонга ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган бўлса, бугунги кунда 248 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур туман фермерлари ёмғирлатиб суғориш технологиясига қизиқиши юқори бўлаётгани ва ўз ташаббуслари билан уни жорий қилаётганлар сони ортиб бораётгани таъкидланди.

Кўргазмали семинар давомида “Боғи Назар Хўжайли” фермер хўжалиги раҳбари 42 гектар майдонга ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилганини ва унинг сувни тежаш билан бирга ҳосилдорликни ошириш борасида ўзи эришаётган натижалари ҳақида тадбирда иштирок қилаётган фермерларга гапириб берди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати