ТАДБИРГА ПУХТА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛДИ

Хабар берганимиздек, бугун Беруний туманида “Шўрланган ерларнинг шўрини ювиш” мавзусида кўргазмали илмий-амалий семинар ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Амударё ҳавзасида жойлашган вилоятларнинг сув хўжалиги мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги барча тизим ташкилотлари, туман ирригация бўлимлари масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этяпти.

Кўргазмали илмий-амалий семинарни ўтказиш ва шўр ювишга ерларни тайёрлаш учун Беруний туманидаги кластер ташкилотига тегишли майдонлар танланди. Ерларни тайёрлашдан олдин ва кейинги ҳолатини солиштириш, ер қўшиш ишларини таҳлил қилиш мақсадида ҳудуд дрон ёрдамида фото ва видео съёмка қилинди.

Мазкур ҳудуддаги экин майдонларини шўр ювишга тайёрлаш бир неча босқичда амалга оширилди. Лазерли ускуна ёрдамида дала ўртасидаги марзалар,  паст-баланд ерлар текисланди. Электр симёғочлар дала четига кўчирилиб, 2,2 гектар қўшимча ер қўшилди. Бу ишларга Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотлари, жумладан, Пахта Арна-Найман ирригация тизими бошқармаси,  Беруний насос станциялари ва энергетика бошқармаси, туман ирригация бўлимидан жами 100 нафардан ортиқ ишчи-ходим ёрдамлашди. 

Ҳудуддаги суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалашга 7 та махсус техника жалб қилинди.

Семинар ўтказилаётган Беруний туманида жами 15,084 минг гектар  майдонда шўр ювиш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шундан кучли шўрланган майдонлар 2,89 минг гектар бўлса, ўртача шўрланган майдонлар 7,03 минг гектарни, кучсиз шўрланган майдонлар 5,16 минг гектарни ташкил қилади.

Илмий-амалий семинар давом этмоқда.

 

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси 

Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот котиби

 

Беруний тумани