лойиҳа доирасида навбатдаги ўқув курслари бошланди

___Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилган «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси» доирасида “Махсус дастурий таъминотдан фойдаланиб, сувдан фойдаланиш режасини тузиш” бўйича онлайн (вебинар) ўқув-тренинг курсларини тугатган мутахассисларга сертификатлар топширилди.
___Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бўлим бошлиғи Ш.Усманов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамбеткаримов, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг лойиҳа вакили Ж.Разаков, мазкур агентликнинг Қорақалпоғистондаги масъул вакили, тренер А.Қидирбаевлар иштирок қилди ва лойиҳани амалга оширишнинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб ўтди.

___– Бу каби лойиҳаларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ўқув курслари орқали сув хўжалиги ходимларининг илмий салоҳиятини кўтаришдир, -дейди Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг лойиҳа вакили Жамшид Разаков. – Шунингдек, лойиҳа дорасида тизим ташкилотларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, гидрометрларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, жумладан компьютер жамланмаси, мебел жиҳозлари ва иш қуроллари, хусусан, сув ўлчаш мосламаси (вертушка) билан таъминлаш назарда тутилган.

___Иштирокчиларга сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ва экинларнинг агротехникасига оид тарқатма материаллар ва услубий қўлланма китоблари топширилди. Ушбу материаллар туман ирригация бўлими мутахаасилари орқали ҳудудлардаги фермер хўжаликларига етказиш топширилди. Шунингдек, томчилатиб суғориш бўйича тавсияларни «Tomchi» мобил иловасига аъзо бўлган ҳолда барча тавсияларни билиб олиш ҳамда “TOMCHI mutaxassislari” телеграм гуруҳида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишлари мумкинлиги ва ҳудудлардаги барча фермер ва сувчиларни ушбу иловага аъзо бўлиш тавсия қилинди.

___Шу куни “Сув тежовчи суғориш технологиялари” мавзусида 5 кунлик навбатдаги онлайн-ўқув курслари бошланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда туман ирригация бўлимларидан жами 34 нафар ходимлар ўқитилмоқда. Шунингдек улар келажакда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5055-сонли қарори билан ташкил этилаётган Сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўлимида фаолият юритиши назарда тутилган.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби