
___Элликқалъа туманидаги “BO’STON CLUSTER” маъсулияти чекланган жамиятининг пахта майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари билан оммавий ахборот воситаларини таништириш мақсадида пресс-тур ҳамда унинг якунига бағишлаб матбуот анжумани ташкил қилинди. АОКА ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда марказий ва маҳаллий нашрлар, блогерлар иштирок қилди.


___Тадбир иштирокчилари дастлаб, «Бўрлитов» ҳудудидаги дала майдонларида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Журналистлар пахта далаларида томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, сув тиндиргич ҳовузи ва марказий қувурлар ётқизиш жараёнларини кўздан кечирдилар. Шу ерда “BO’STON CLUSTER” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари в.в.б. Жамол Давлетов ва унинг ўринбосари Маъмуржон Исаковлар журналистларга пахта далаларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти ва бугунги кунда жамият томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар бердилар. Оммавий ахборот воситалари вакиллари «Аёзқалъа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги жамиятга қарашли далаларда ҳам бўлиб, тежамкор технологиянинг аҳамияти ҳақида маълумотлар олишди.

___“BO’STON CLUSTER” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 500 гектардан ортиқ пахта далаларида томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ишлари молиялаштирилган бўлиб, бу ишлар давом қилмоқда. Айни кунларда белгиланган далаларга насос филтрларини ўрнатиш ва марказий қувурлар ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.


___Тадбир иштирокчилари BOSTON CLUSTER” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тўқимачилик фабрикаси ва унинг тасарруфидаги тикувчилик цехлари фаолияти билан танишиб, бандлиги таъминланган ёшлар ва аёллар билан суҳбатлашдилар.
___Тадбир доирасида Элликқалъа тумани ҳокими Сейдамат Авезов ва “BOSTON CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
___Унда тумандаги “BO’STON CLUSTER” масъулияти чекланган жамияти томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, жамиятнинг хомашёдан – тайёр маҳсулотгача бўлган инвестицион лойиҳалари, аҳоли бандлигини таъминлаш, жамиятга қарашли тўқув фабрикаларида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолияти хусусида сўз юритилди.

___Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби