Мукофотдан миннатдор экскаватор машинисти

янгича шижоат билан меҳнат қилмоқда

___Айни кунларда мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан юртимизнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари, кўп йиллик самарали меҳнатлари, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гурух юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланмоқда.

___Куни кеча Президентимиз фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича механизация базаси экскаватор машинисти Жеткербай Разов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони билан мукофотланди.

___Жеткербай Разов 1965 йил Қораўзак туманида туғилган.Беруний тумани қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида экскаватор-машинист мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Қораўзак туманидаги «Қораўзак» кўчма механизациялашган коллонаси экскаватор-машинисти ёрдамчиси бўлиб ишлашдан бошлаган.

___Ж.Разов мазкур туман ҳудудидаги сув хўжалиги ташкилотларида 35 йилдан ортиқ экскаватор-машинисти лавозимида ишлаб, канал ва мелиорация объектларини тозалаш ва реконструкция қилиш ишларида фаол иштирок қилди. 2003-2018 йилларда “Қуваниш жарма” ирригация тизими бошқармасида ишлаган пайтларида замонавий экскаваторларни бошқариш бўйича кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарди. 

___У 2018 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигиниг Қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича механизация базаси эксковатор машинисти лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

___Жеткербай оға турмуш ўртоғи Зийнахан опа Фархатова билан бир ўғил икки қизни камолга келтирдилар.

___Байрам арафасида берилган ушбу юксак унвон оила аъзолари ва барча касбдошлари учун ҳам қўшалоқ байрам бўлди. Жеткербай оға эса, бу мукофотдан миннатдор бўлган ҳолда ўз ишига муҳаббати ошиб, айни дамда ҳам олис ҳудудларнинг бирида янгича шижоат билан меҳнат қилмоқда.  

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот хизмати.