Билдирилган ишончни албатта оқлаймиз, – дейди «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Хамид Реймов

___Президентимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлашга оид тегишли фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Қуўаниш жарма» ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Хамид Реймов «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланди.

___Хамид Реймов 1963 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1988 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлаган ва шу йили Қораўзак туманидаги сув хўжалиги ташкилотида муҳандис-гидрометр лавозимида иш фаолиятини бошлаган.

___У 2001 йилдан бошлаб сув хўжалиги соҳасида ҳудудий бўлимларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Хусусан, Қораўзак тумани  «Қораўзак сув қурилиши» очиқ ҳиссодорлик жамияти бошлиғи, “Рейм-қурилиш” масъуляти чекланган жамияти раиси, туман ирригация бўлими бошлиғи ва “Қуўаниш жарма” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилиб келди.

___2019 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Қуўаниш жарма» ирригация тизими бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.

___– Халқимиз орасида “Сув келтирган элда азиз”, деган ҳикматли ибора кенг қўлланилади, – дейди Хамид Реймов. – Мен раҳбарлик қилиб келаётган Бошқармамиз ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг сув бориши қийин бўлган ҳудудлардан бири бўлган Қораўзак ва Тахтакўпир туманларининг ички каналларига сув етказиш билан шуғулланади. Шунингдек, хўжаликлараро коллекторларини, суғориш тармоқларини  тозалаш, реконструкция қилиш ва қуриш, қишлоқ хўжалиги ҳамда халқ хўжалигининг бошқа соҳаларига сув етказиб беришга ихтисослаштирилган.

___Минтақада сув танқислиги кузатилаётган кейинги йилларда биз сувчиларга ҳам осон бўлаётгани йўқ. Баъзан, сув тақсимлаш ва навбатлаб суғоришдаги юзага келган кўнгил хираликлардан бу касбни бекор танлаган эканман, деган фикр ҳам ўтади ҳаёлингдан…   

___Аммо, касбимизга бўлган садоқат куну-тун зиммамиздаги вазифамизни оғишмай, масъулият билан бажаришга ундайди. Қилган меҳнатларинг бугунгидек, Президентимиз томонидан юксак мукофотга лойиқ кўрилганида барча машаққатларинг унит бўлар экан. Давлатимиз раҳбарининг ушбу мукофоти бутун қорақалпоғистонлик сувчиларга берилган катта эътибори ва жамоамизга берилган ишончи, деб биламан. Келгусида ўз ишимизни янада самарали ташкил қилиб, билдирилган ишончни албатта оқлаймиз.    

___Х.Реймов республика сув хўжалиги тизимидаги энг тажрибали ва фидойи сув хўжалиги ходимларининг биридир. У фаолияти давомида кўплаб шогирд тайёрлаган ва улар ҳозирги кунда республикамизнинг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.

___Ўзининг меҳнатсеварлиги, тўғри сўзлиги, талабчанлиги ва кўп йиллик иш тажрибаси билан маҳалла аҳли ва бутун сувчилар орасида катта обрў қозонган Хамид оға Реймовни мукофот билан табриклаймиз.

___Айни мустақиллик байрами арафасидаги бу каби хушхабарлар Қорақалпоғистондаги барча сув хўжалиги ходимларини руҳлантирмоқда.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги

Матбуот котиби