ҲАМКОРЛИКДАГИ СЕМИНАР – сувчилар билимини оширишга хизмат қилди

___ Сизу биз яшаб турган йигирма биринчи аср – ахборот технологиялари асри номини олиши бежиз эмас. Ушбу асрда барча соҳалар компьютерлаштирилди, ахборот, интернет технологиялари жадал ривожланди.


___ Бугунги кунга келиб, ишхонада ёки шахсий компьютер ва уяли алоқа воситаларидан фойдаланганда ахборот ва киберхавфсизлик талабларига риоя этиш, ахборот технологияларидан оқилона фойдаланиш ва бу борада билим ва кўникмаларимизни ошириш зарурати пайдо бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан вазирлик ҳамда идора-ташкилотларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳолати юзасидан ўрганиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

___ Шу йилнинг 5-20 сентябрь кунлари оралиғида Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий инспекцияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда унинг тасарруфидаги тизим ташкилотларида ахборот ва киберхавфсизлик, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилди.
-Вазирлик ва тизим ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ахборот-коммуникация технологияларини, ёки ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан мукаммал билимга эга бўлмаслиги мумкин, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Т.Мадиреймов.

___ – Ўрганиш давомида ҳар бир ходим ўзига бириктирилган компьютердан қандай фойдаланиши кераклиги, идоравий ҳужжат алмашиш жараёнларида аҳамият қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида инспекцияси ходимлари ўзларининг тавсия ва кўрсатмаларини бериб ўтдилар. Шунингдек, ходимларимизнинг бу борадаги билимларини ошириш мақсадида Инспекция ходимлари билан биргаликда ўқув семинарлар ташкил қилишга келишиб олдик.

___ Сув хўжалиги ходимларининг АКТ ва ахборот хавфсизлиги бўйича дастлабки семинари Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасида бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида бошқармада ахборот хавфсизлиги, АКТ жорий этилганлиги юзасидан яқинда ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.


___ Семинарда тизим ташкилотларда ўрганиш ишларини олиб борган Ахборот хавфсизлиги ва АКТни жорий этиш бўлими инспекторлари Рахат Ахимбетов ва Айдос Бердимуратовлар ўрганиш натижаларида асосан қандай камчиликлар аниқлангани, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар бердилар.


___ Шунингдек, ва ахборот киберхавфсизлик ҳамда АКТга қўйиладиган асосий талаблар, ушбу соҳадаги мавжуд ва янги қабул қилинган норматив ҳужжатларнинг мазмун моҳияти тўғрисида тушунчалар берилди.
Семинар доирасида инспекцияси ходимлари берилган тавсияларни бевосита амалиётда кўрсатиб, ходимларга бириктирилган компьютерларда жараёнларни тушунтириб ўтдилар. Эътиборлиси, инспекция ўрганиши, ҳамкорликдаги семинар, тавсияларнинг амалий жараёнлар билан уйғун ўргатилиши сувчиларнинг АКТ бўйича билимини оширишга хизмат қилди.

Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби