ШУМАНАЙДА РЕЖАДАГИ 49 ТА “АҚЛЛИ СУВ” ҚУРИЛМАСИДАН 3 ТАСИ ЎРНАТИЛГАН

       Шуманай туманида гидропостларда сув сатҳи ва сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш масаласи юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди.

       Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Шуманай тумани ирригация бўлимининг масъул ходимлари ҳамда туманда “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатишга масъул бўлган қурувчи ташкилот вакиллари иштирок қилди.

        Семинарда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Шуманай туманида 2023 йилда туман ирригация бўлими томонидан 49 та “Ақлли сув” қурилмасини ўрнатиш белгилангани таъкидланди. Лекин бугунги кунга қадар қурувчи корхоналар билан биржа савдолари орқали пудрат шартномалари тўлиқ расмийлаштирилган бўлишига қарамасдан, бор-йўғи 3 та “Ақлли сув” қурилмалар ўрнатилган. Тадбир давомида бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.

       Семинар иштирокчилари “Мамий” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Шуманай” каналининг 304-пикетидаги гидропостга ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмасини бориб кўрди ва иштирокчиларга ушбу рақамли технологиянинг афзалликлари кенг тушунтирилди. Шу ерда вазирликнинг Ахборот технологиялари ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси И.Арзибаев ирригация тизимларида ўрнатилаётган “Ақлли сув” қурилмаларининг ишлаш тамойиллари ҳамда улардан самарали фойдаланиш бўйича маълумот бериб ўтди. Шу билан бирга олдинги йилларда ўрнатилган айрим “Ақлли сув” қурилмалари вазирликнинг серверига маълумот юборишда ўзилишлар кузатилаётгани, 2 та қурилма эса, умуман маълумот жўнатмаганлиги ва бу каби камчиликларни бартараф қилиш бўйича чоралар зарурлигини таъкидлаб ўтди.

         Семинар иштирокчилари келгусида амалга ошириладиган тадбирлар бўйича ўзаро келишиб олишди.

Қорақалпоғистон Республикаси

 Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати