Вегетация даври тугашига саноқли кунлар қолди. Сувчилар бу даврда кейинги суғориш давригача каналларни қазиб-тозалаш, гидроиншоотларни таъмирлаш бўйича чора-тадбирларини белгилаб олишади.

Сув хўжалиги вазирлигининг жорий йил 9 сентябрдаги тегишли буйруғи асосида 2024-2025-йилларнинг куз-қиш даврида Республикамиздаги магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқлари, гидротехник иншоотлар, сув ўлчаш постлари, кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотлар, сув ўлчаш постлари ва фермерларнинг сув олиш қулоқларини жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
-Айни вақтда мазкур тадбирлар режасига мувофиқ, туманлардаги каналларни тозалаш ишлари бошланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Шаряр Жақсимуратов. Бугун масъуллар билан биргаликда бу борада Қўнғирот тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан олиб борилаётган ишлар ўрганлди. Ўрганишда тумандаги “Кўкдарё”, “Ханяб” каналларида ва Равшан ва Кўкдарё хўжаликларидадаги ички суғориш тармоқларини тозалаш ишлари яхши йўлга қўйилгани маълум бўлди.
Шунингдек, туманидаги “Даўқара” хўжалигидаги “Полатбек Тахта” фермер хўжалиги ҳамда “Макпалкўл” хўжалигидаги “КК Агрокластер” МЧЖ жамоалари ўзларининг ҳудудларидаги ички суғориш тармоқларини тозалаш ишлари олиб боришмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий куз-қиш мавсумида тумандаги “Кўкдарё” каналининг 7 километр қисмини тозалаш режалаштирилиб, бугунги кунгача 2,7 километрида тозалаш ишлари олиб борилган. Ҳудудда мазкур каналдаги тозалаш ишларидан сўнг “Р-1А” каналининг 5 километр қисмини тозалаш режалаштирилган.
Туман сув хўжалиги масъуллари ҳамда ҳудуддаги фермер хўжаликлари вакилларига ички суғориш тармоқларини тозалаб, кейинги суғориш мавсумига тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати