КУЗГИ-ҚИШКИ ТАДБИРЛАР

суғориш мавсумининг тақдирини ҳал қилади

___ Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда жойларда кузги-қишки тадбирларнинг бажарилиши кенг муҳокама қилиниб, бу борадаги тадбирларни ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

___ Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев соҳада айни кунларда бажариладиган муҳим ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. – Кузги-қишки тадбирлар сув хўжалигининг тақдирини ҳал қилади. Афсуски, бу ишлар жойларда етарли даражада олиб борилмаяпти. Ёзда каналларда сув бўлади, насослар ишлаб туради, таъмирлаш-тиклаш ишларини ҳозир қилмасак, яна қачон вақт бўлади, – дея таъкидлаб, айни вақтда ҳудудларда бўлиб турган вазирлик масъуллари ҳам мазкур йўналишлардаги ишларни алоҳида назоратга олиши белгиланган эди.

___ Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Р.Қаршиев ва Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги масъуллари туманларда бўлиб, кузги-қишки ишларнинг боришини ўрганди. Бу борада сусткашликка йўл қўйган, яъни ҳашарларни сув хўжалиги объектлари бўлмаган ҳудудларда ташкил қилаётган тизим ташкилотлари раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, жойларда ирригация тармоқларини тозалаш ва гидроиншоотларни суғориш мавсумига тайёрлаш бўйича ишлар ташкил қилинди.

___ Жумладан, Беруний туманидаги “Саркоп”, Махтимқули, “Қиятобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудларидаги ирригация тармоқлари ва сув тақсимлаш иншоотларида ҳашарлар ташкил қилиниб, тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Тадбир доирасида гидроиншоотларда мойлаш ва  бўяш ишлари бажарилиб, улар олдида ҳамда трубаларида йиғилиб қолган лойқалар қўл кучи ёрдамида тозаланди.

___ Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” (ПФ-213-сон) фармонида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида тадбирларни ташкил қилиш белгиланган. Айни кунларда туманда амалга оширилаётган кузги-қишки тадбирлар суғориш мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириладиган майдонлар ҳамда аҳоли томорқаларига сув таъминотини яхшилашга хизмат қилши шубҳасиз. Бу борадаги ишларнинг самарали ташкил қилиниши эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шу билан бирга ҳудудларда агробизнес муҳитини ва юртимизнинг экспорт салоҳияти янада оширилади.

___ Айни кунларда Қорақалпоғистондаги барча сув хўжалиги ташкилотларида – кузги-қишки тадбирлар суғориш мавсумининг тақдирини ҳал қилади, – деган тамойилдан келиб чиқиб, зарур тадбирлар уюшқоқлик билан давом қилдирилмоқда.

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби