
___Амударё туманидаги “Полвон овул” фермер хўжалиги даласида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Сув хўжалиги вазирлиги, туман ҳокимлиги масъуллари, тизим ташкилотлари, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этган тадбирда ирригация бўлимлари таркибида сув хўжалигининг махсус хизматини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

___Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19 апрелдаги 196-сон тегишли қарорининг мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатларга мувофиқ, ҳудудларда сув ресурсларини бошқариш ва сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган хизматлар ҳамда махсус хизмат ходимлари ишларни тўғри ва сифатли ташкил этишлари учун тўланадиган маблағ, қўйингки, ушбу янги тизимнинг барча босқичлари ва олдинги тизимдан фарқи ва самарали жиҳатлари ҳақида батафсил жуда содда тилда тушунтириб бердилар.

___– Сув хўжалигининг махсус хизматида ишловчилар булар мироблар. Мироблар нима учун керак, айтайлик битта ҳудудда 10 та фермер бўлса, шунга битта мироб бўлади. У сувни ҳисобини юритиш учун ҳар бир фермерга алоҳида журнал қўйиб, ҳар кунлик олган сувни фермер билан имзолашган ҳолда ҳисобини юритиб боради. Бунинг учун фермер сув олиш қулоқларини сув ўлчаш имконини берувчи жиҳозлар ўрнатиши керак ва ундаги рейке кўрсаткичи бўйича эрталаб ва кечқурун 2 маротаба сувнинг миқдори ёзиб борилади. Ушбу журналда агарда, навбатлаб суғориш ташкил этилиб, нечадир кун ушбу фермерга сув берилмаса, улар ҳам қайд этилиб борилади. Ойни охирида далолатнома тузилади. Шу тариқа олинган сув ҳисоби юритиб борилади ва якунда ушбу ҳужжатлар асосида солиқ идорасига ҳисобот киритилиб, сув истеъмолчиси олган суви бўйича солиққа тортилади. Ана шунда сув истеъмолчиси ҳам умумий меъёр бўйича эмас, амалда олган сувигагина солиқ тўлашнинг механизми яратилади ва бу фермерлар учун ҳам манфаатли, бўлади албатта, – деди Ш.Хамраев.

___Тадбирда Амударё туманидаги махсус хизматга ишга қабул қилинган ва сув истеъмолчилари билан шартномалар тузишда фаоллик кўрсатган махсус хизмат сектор раҳбари Руслан Бекмуратовга мотороллер калити топширилди. Шунингдек, ҳудудлардаги фаол сувчиларга 10 та велосипед берилди.

___Вазир Ш.Хамраев велосипедларни олаётган сувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг неча километр канал ва ариқлар бўйлаб ҳаракатланиши билан қизиқди. Масъулларга сувчи-миробларнинг ишини тўғри ташкил этиш ва сифатини ошириш мақсадида бу каби “от” яъни траспортларни кўпроқ ажратиш лозимлигини таъкидлади.

___Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев, Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари Р.Саллаев ва бошқа масъуллар сўзга чиқиб, сув хўжалигида махсус хизмат ишларини ташкил этиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни ҳудудлардаги масъуллар билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўришларини ҳамда бу борада туман ирригация бўлими раҳбарлари ўз ишларига бўлган масъулиятини янада оширишлари лозимлиги таъкидланди.
Тадбирда фермер хўжалиги раҳбарлари ва сувчилар янги ташкил қилинаётган махсус хизмат бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби