Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъуллари Мўйноқ туманидаги “Жалгызтерек-1” насос станциясида куз-қиш мавсумида амалга оширилаётган ишларни ўрганди ва ҳудудда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларини ташкил қилдилар.

Тадбир аввалида бошқарманинг энергетика бўлими бошлиғи К.Алиев Мўйноқ туманида насос станцияларида амалга оширилган таъмирлаш ишларига тўхталиб ўтди. Ҳозирги кунгача 3 дона янги насос, 5 дона электродвигатель, 10 дона конденсатор ўрнатилганлиги ҳисобидан йилига ўртача 307.020 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилгани айтилиб, бу борада олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир иштирокчиларига айни кунларда барча сув хўжалиги ташкилотларида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари қизғин олиб борилаётгани, экилган кўчатлар ўсиб-ривожланиши зарурлиги тушунтирилди.
“Жалгызтерек-1” насос станцияси атрофидаги кўчат экиладиган майдонларга махсус ҳимоя қўрғончалари ўрнатилиб, кўчат экилди. Насос станциялари ва канал бўйларига экилаётган кўчатларни чорва моллари пайҳон қилмасликлари учун ҳимоя чоралари кўрилиши белгиланди.
Шунингдек, масъуллар бошқарманинг «Мўйноқ-Қўнғирот» бўлими бошлиғи Н.Махаловга насос станциялари атрофидаги майдонларда сабзавот, картошка, пиёз ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, ёрдамчи хўжалик ҳисобида парранда ва чорва боқишни йўлга қўйиш орқали ишчи-ходимларни қўшимча рағбатлантириш бўйича топшириқлар беришди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати