Нукусда ўтказилган семинарда шу савол муҳокамалар марказида бўлди.

___ Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳолатини таҳлил қилиш ва бу борадаги масалаларини муҳокама этишга бағишланган семинар ўтказилди.
___ Семинарда туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, тижорат банкларнинг масъул раҳбарлари, таъминотчи ва қурувчи ташкилотлар, кластер, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок қилди.
___ Тадбир аввалида Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва тежамкор технологияларни жорий қилишнинг аҳамияти ва бу бора амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларга тўхталиб ўтди.

___ Семинарда “Cув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзусида Қорақалпоғистон Сув хўжалиги вазири А.Реимбаев маъруза қилди ҳамда слайидлар ёрдамида сув тежовчи технологияларга ўтиш заруратини тадбир иштирокчиларга тушунтириб берди.
___ Таъкидланганидек, сўнги йилларда кузатилаётган глобал иқлим ўзгариши ўз салбий таъсирини кўрсатиб, кам сувли йиллар тез-тез такрорланишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиши, электр энергия ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг ўсиши, қолаверса янги ерларни ўзлаштириш сув ресурсларига бўлган талабнинг ортишига олиб келмоқда. Демак, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш зарур ва бусиз талаб даражасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг имкони йўқ.
___ Маърузада сув тежовчи технологияларни қўллаган кластер ва фермер хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 март кундаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида давлат томонидан бериладиган бир қатор молиявий кўмак ва имтиёзлар берилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

___ Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Д.Кайпов сўзга чиқиб, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таъминотчи ва қурувчи ташкилотлар, кластер ва фермерлар фаолиятидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди. Бу борада хато-камчиликларга йўл қўйганларга ва сув тежовчини жорий қилиб яхши натижага эришган фермерларга ҳам сўз берилиб, семинарнинг иккинчи қисми очиқ-мулоқот тарзида давом қилди.
___ Мулоқотлар давомида айрим фермерлар сув тежовчи технологияни ўрнатиш ишлари лойиҳа асосида қурилмагани боис технологиядан самарали фойдалана олмаганини айтса, айримлари электр таъминоти бўлмаган ҳудудга ўрнатиб фойдаланиш имкони бўлмаганини гапирдилар. Ушбу масалалар юзасидан таъминотчи ва қурувчи ташкилотлар масъуллари ҳам фикр билдириб, 2023 йилда хатоларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрилиши таъкидланди. Эътиборлиси, Қорақалпоғистонда сув тежовчи технологиядан самарали фойдаланиши учун нима қилиш керак, деган саволга бир қатор жавоблар ва таклифлар берилди.

___ Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Б.Жузбаев сув тежовчи технологияларни қурувчи пудрат корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш турлари ва шартнома шартлар тўғрисида тақдимоти ва бу борадаги таклифлари тингланди.
___
-Сув тежовчи технологияларни ўз ташаббусим билан жорий қилганман, – дейди Тўрткўл туманидаги “Қўшназар-пахтакор” фермер хўжалиги раҳбари Махсуд Исмаилов. – Тўғриси, хўжалигимиз канал бўйида жойлашган сувдан муаммо йўқ эди. Мен ҳосилдорлик ошади, дегани учун қизиқиб ўрнатдим. Фермер хўжалигимиз уруғчиликка ихтисослашган ва олдин ҳам 40 центнер ҳосил оладиган фермерлар қаторида турардим. 2021 йил 10 гектар пахта майдонига томчилатиб суғоришни ўрнатдик ҳосилдорлик ўртача 55-60 центнерга етди. Дастлабки йил технологияни ўргандик. Жорий йил ушбу технологияга ўзимиз озгина ўзгариш ҳам киритиб, ўғит соладиган идишлари ҳажмини катталаштирдик натижа жуда яхши бўлди. Бир контурдаги пахта майдонимиз 80 центнер ҳосил берди ва шуни айтганимда бугунги семинар иштирокчилари ҳам ишонмади. Кейин мен ҳар бир дала ҳосилини алоҳида ўлчаб, тоннасини чиқариб юришимни айтиб, катта мониторда олган видео лавҳаларни намойиш қилиб, тушунтириб бердим. Жорий йил 11 гектар ғалла майдонимизга ҳам ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатдик. Албатта, сув тежовчи технология ҳақиқатдан самарали ва келгусида ерга эгалик қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ният қилганлар жорий қилиши шарт бўлган технология деб биламан. Бунга ишончсизликни пайдо қилган факторлар эса, бугунгидек семинарлардаги муҳокамалар ва бажариладиган тадбирлардан сўнг аста секин камайиб йўқ бўлишига ишонаман.

___ Шунингдек, семинарда сув тежовчи технологиядан самарали фойдаланаётган Хўжайли туманидаги “Жеткеншек” фермер хўжалиги раҳбари Шарапатдин Шарибаев, Тахиатош туманидаги “Жалайр” фермер хўжалиги раҳбари Айбек Сейтимбетов, Элликқалъа туманидаги “Элликқалъа ғаллакори” фермер хўжалиги раҳбари Ўткир Ахмедов, Қораўзак туманидаги “Даулет” фермер хўжалиги раҳбари Аскар Калиевлар ишни тўғри ташкил қилишда нималарга эътибор бериш керак, сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари, олган фойдаси ҳақида ўзининг шахсий мисолида гапириб беришди.

___ Семинар доирасида таъминотчи ва қурувчи ташкилотларнинг кўргазмаси ташкил қилинди. Тадбир доирасида сув тежовчитехнологияларни қурувчи пудрат корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш турлари ва шартнома шартлар ҳамда уларнинг афзалликлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.


___ Семинарда муҳокама қилинган масалалар ҳамда тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, 2023 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш юзасидан “Йўл харита” ишлаб чиқилиши ва унда келтирилган вазифалар ижроси назоратга олиниши белгиланди.
Ғайрат Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби