Президентимиз раислигида 2024 йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” бўлиши белгиланган эди.

Бугунги кунда сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги насослар самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ва тадбирларга олимлар ҳам жалб этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси тассаруфида ҳозирги кунда 303 та СНПЭ-500/10 русумли насослардан фойдаланилади. Мутахассислар маълум қилишича, ушбу насослар электр энергия сарфи юқори бўлиб, тўлиқ қувватда ишлаганда соатига 110 кВт электр энергиясини сарфлайди.

Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси ушбу русумдаги насосларни муқобили бўлган замонавий, энергия тежамкор “ShIMGE” русумли насосларга алмаштириш тадбирларини бажаришмоқда. “ShIMGE” русумли насослар Хитой давлатида ишлаб чиқарилган бўлиб, 18,5 кВт электр қувватидаги электро-двигателлар билан жиҳозланган ва секундига 277 литр сув чиқаришга мўлжалланган.
Шу боис Бошқарма томонидан бир неча туманларда “СНПЭ-500/10” русумли насослар ўрнига “ShIMGE” русумли насослар ўрнатилган ҳамда уларни «Яшил энергетика» ўтказиш, электр энергияни янада тежаш мақсадида қуёш фотоэлектр станциялари қурилган.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бюртмасига асосан Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтида “СНПЭ 500/10 русумли насос агрегатининг муқобили сифатида таклиф этилаётган ShIMGE насос агрегатини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш” юзасидан олимлар илмий-тадқиқот ишини олиб боришмоқда.

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг “Насос станциялари ва электр энергияси” лаборатория мудири Ж.Нарзиев, мазкур институтнинг Қорақалпоғистон минтақавий маркази раҳбари С.Курбанбаев, катта илмий ходим Б.Улугбеков, докторантлар Ф.Омондуллохонов, У.Кидрбаев, Ш.Нурекешов, Ж.Кадировлар Қонликўл, Нукус, Кегайли ва Қораўзак туманларидаги насос станцияларида электр энергияси тежамкорлигига эришиш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришди.

-Тадқиқот давомида ҳар бир насос станцияга ўрнатилган замонавий, энергия тежамкор “ShIMGE” русумли насослардан чиқарилаётган сув сарфлари ва бошқа бир неча кўрсаткичлар ўрганилди, – Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг “Насос станциялари ва электр энергияси” лаборатория мудири Жасур Нарзиев. – Хусусан, босимли қувурларда AFT-2000Н маркали сув сарфини ўлчаш лазерли портатив қурилмаси орқали ҳамда сув келтирувчи каналлардаги сув сарфлари SONTEK S5 русумли доплер-профилограф ёрдамида аниқланди. “СНПЭ 500/10” русумли насос агрегатининг муқобили сифатида фойдаланилаётган “ShIMGE” насос агрегатининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида тадқиқот натижалари таққосланди ва таҳлилий хулосалар тайёрланмоқда.

Маълумот учун олимлар томонидан тадқиқотлар Қонликўл туманидаги “Азамат”, Нукус туманидаги “Каттагар”, Кегайли туманидаги “Кўкўзак”, Қораўзак туманидаги “Есимўзак” насос станциялари ҳамда уларга сув келтирувчи каналларда олиб борилган.
Эътиборлиси, насослар самарадорлигини ошириш ишига олимлар ҳам жалб этилиб, илмий хулосалар асосида энг самарали ҳамда камроқ энергия билан кўпроқ сув чиқариб, олис овулларгача сув етказиш борасида барча якдил ҳаркат қилишмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати