Амударё туманида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ер ости сувлари сатҳини онлайн кузатувчи “Дайвер” қурилмаларини ўрнатиш ва коллекторларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича семинар ўтказилди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мелиоратив экспедицияси бошлиғининг ўринбосари О.Нурлибаев, бўлим бошлиқлари ва Мелиоратив экспедициясининг тумандаги масъуллари иштирок қилди.
Таъкидланганидек, тегишли қарор ва дастурлар асосида Амударё туманида жорий йилда 27 дона ер ости сувлари сатҳини, шўрланиш даражасини ҳамда ер ости сувлари температурасини ўлчайдиган қурилмаларини ўрнатилиши режалаштирилган. Семинарда ўрнатилган “Дайвер” қурилмаларини интеграция қилиш ишларини ҳозирдан бошлаш чораларини кўриш режада белгиланганларини тез кунда ыуриш бўйича Амударё мелиоратив тизими бошлиғи Т.Сапаримбетов ҳамда пудрат ташкилот раҳбари С.Абдирамановга тезкунларда объектларда иш бошлаш кераклиги тўғрисида тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари тумандаги мелиоратив объектларида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар. Амударё туманидаги “К-10” хўжаликлараро коллекторининг 15,1 км узунликда таъмирлаш-тиклаш ишлари “Бунёдкор-Жанубий” СКБ МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Тумандаги коллекторларда таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш натижасида ер ости сувларининг ўртача сатҳи 1,4 метр дан 2 метргача пасайишига, кучли шўрланган 86 гектарга, ўрта шўрланган 318 га кам шўрланган ерлар 205 га камайишига эришилади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4912-сонли қарорида 2023 йилда Амударё туманида 70,1 км узунликдаги “К-10” хўжаликлараро коллекторларида тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати