Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Президиум қарори билан юртимиз иқтисодиётини ошириш, халқимизнинг турмуш шароитларини яхшилашда фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар тақдирланди.

Мукофотланганлар орасида фахрий сувчи, «Мелиомашлизингсервис» масъулияти чекланган жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари Данил Утеулиев ҳам бор.
Данил Сабирович 45 йиллик меҳнат фаолияти давомида ҳар доим сувчилар, мелиораторлар орасида бўлиб, ушбу соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
У 1998-2003 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган бўлса, кейинчалик Қўйи- Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида кадрлар бўлими бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 2013-2017 йилларда Қўйи- Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бўлими бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди.
-Йигирма олти йилдирки сувчилар орасида, шу соҳа ривожи учун қўлимдан келганчи хизмат қилмоқдаман, – дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор Данил Утеулиев. – Албатта, йилдан йилга минтақамизда сув камайиб бораётганини ва сувни ҳудудларда тақсимлаш ва экин майдонларидан белгиланган ҳосилни олишни таъминлаш нуқтаи назаридан қарганда сувчи бўлиш ҳам том маънода жасоратли касбга айланиб бормоқда.
Мана бугун сув хўжалигида қилган камтарона хизматимни юқори баҳолаб, хизмат кўрсатган ирригатор фахрий унвони билан тақдирландим. Бунинг учун ва сувчиларга қаратаётган эътибори учун Республика раҳбариятигига шахсан ўзим ва бошқа сувчилар номидан миннатдорлик билдираман. Негаки, бу каби фахрий унвон минглаб сувчиларнинг орзуси ва байрамларда бошқа соҳалар фатори ирригаторларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани бутун сувчиларнинг меҳнатга бўлган шижоатини ошириши шубҳасиздир.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг юқорида келтирилган Президиум қарори билан “УзГИП” масъулияти чекланган жамиятининг техник директори Абдуллаев Умид Валиевич «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони билан мукофотланди.
Байрам арафасида тақдирланганларнинг фахрий унвони муборак бўлсин! Халқимизни ва барча сувчиларни Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрами билан самимий табриклаймиз.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби