КАНАЛ ҚАЗИЛИШИ ЯНГИ МАНЗИЛЛАРНИ ОБОД ҚИЛАДИ

Ҳар йили вегетация даври тугаши билан кейинги мавсумга тайёргарлик, яъни ирригация ва мелиорация тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш ишларига киришилади. Айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасида бу борадаги тадбирлар бошлаб юборилди.

“Қизкеткен Кегейли” ирригация тизими бошқармасига қарашли “Абатжап” магистрал каналининг умумий узунлиги 48 км бўлиб, секундига 24 м3 сув ўтказиш қувватига эга. Жорий йилги режага мувофиқ, каналнинг ПК-207 дан ПК-244 гача 3,7 километр қисмида қазиш ва тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Канални қазиш ишларига Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ишлаб чиқариш базасининг 2 та экскаватори жалб қилинган.

– Қазиш ишлари якунлангандан кейин каналнинг қуйи қисмида жойлашган Чимбой тумани “Тазажол” ҳудудидаги 10 та фермер хўжалигининг 350 гектардан ортиқроқ экин майдонлари ҳамда 40 та хонадоннинг томорқа майдонлари, “П.Сейтов” хўжалигидаги янгидан фойдаланишга киритилаётган 300 гектар экин майдонининг сув таъминоти яхшиланади, – дейди “Қизкеткен Кегейли” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи М.Каипов. – Шунингдек, Бўзатов туманидаги фермер хўжаликларининг 230 гектар ҳамда ҳудуддаги 660 та хонадоннинг 137 гектар томорқа майдонларига вегетация даврида белгиланган меъёрларда сув етказишга эришилади.

 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси Сув
хўжалиги вазирлиги матбуот котиби