НУКУСДА СУВ ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КОРХОНА ОЧИЛДИ

   

Қорақалпоғистон Республикасида томчилатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган биринчи корхона иш бошлади. Корхона «Аркавой мелиоратор» масъулияти чекланган жамиятида   мамлакатимиздаги шу йўналишдаги йирик ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган «AgroTomchi»  компанияси билан ҳамкорликда очилди.

Янги корхонанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари С.Жожаметов, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узақов, туман ҳокимлари ўринбосарлари кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, қурувчи ташкилотлар  вакиллари иштирок қилди. 

Тадбирда таъкидланганидек, якунига етаётган 2020 йилнинг декабрь ойининг ўзида Президентимиз томонидан  дастлаб кейинги уч йилга мўлжалланган Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга оид ҳамда шу ойнинг ўзида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида сув тежайдиган технологияларни жорий қилишга қаратилган иккита муҳим қарори қабул қилинган эди. Албатта бу ҳужжатларда республикамизда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида сув тежамкор технологияларни кенг қўллаш назарда тутилган.

Келгуси 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 14 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Алаўатдин Мамбеткаримов. – Албатта, режалар катта, иш кўлами ҳам шунга яраша. Шу боис ўтаётган ҳар бир кун, соатлардан самарали фойдаланиб кейинги йил вазифаларини бажаришга тараддуд  кўришимизни тақоза қилмоқда. Биз, ҳудудларда фермерлар мурожаатларини тинглаганимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳудудда шунга мўлжалланган ускуналарни ишлаб чиқариш корхонаси йўқлиги сабабли нисбатан қимматга тушаётганликларини билдиришди. Бу борада ҳозирги кунда ҳудудда ишлаб чиқаришни  йўлга қўйиш бўйича бир неча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугун бу ишга биринчилардан киришган  «Аркавой мелиоратор» МЧЖ томонидан ҳамкорлари кўмаги билан биринчи корхонани ишга туширди. Ҳозирча биринчи линяси ишга туширилиб, томчилатиб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинги босқичларда полителин трубалар, эгилувчан қувурлар ва уларга улагичлари, ёмғирлатиб суғориш технологиясининг махсус ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Янги корхонада 25 та иш ўрни яратилмоқда. Ҳозирда ҳамкор компаниянинг тажрибали оператор мутахассислар корхонага келиб, ёшларга иш ўргатишмоқда. Ушбу мутахассислар корхонанинг давомий ишлашини таъминлаш, ёшларга иш ўргатиш билан бирга сув тежовчи технологияларни фермерлар даласига ўрнатиш, уларга сервис хизматларини кўрсатиш ишларида ҳам бевосита иштирок қиладилар.

Корхонанинг очилиш маросимида сув тежамкор технологияларни жорий қилишда кластер ва фермер хўжаликлари олдида турган муаммолари, қурувчи ташкилотлар мажбуриятлари шартномалар тузишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар муҳокама қилинди. Бу борада кластерлар ва фермерлар, қурувчи ташкилот ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ўртасида шартномалар имзоланди. 

Ғ.Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби