2020 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида “Марказий Осиё минтақасида трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора тадбирлар” мавзусида брифинг ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Р.Мамутов, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг Илмий-ахборот маркази директори проф. В.Духовный, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Агентлиги раҳбари В.Соколов, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари ва Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борувчи бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талабалари, вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари ҳамда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Юртбошимизнинг оқилона сиёсати ва саъй-ҳаракати туфайли қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратганлигини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Президент сифатида фаолият бошлаган илк кунларданоқ фаол минтақавий сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳитни яратиш, қўшни давлатлар билан конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишлари сифатида белгилаб берган эдилар
Шу билан бирга, Президентимиз Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида Оролбуйи минтақасининг экологик ҳолатини яхшилаш юзасидан бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.