СУВЧИЛАР БОҒИНИ БАРПО ЭТИШ

ҳар йилги баҳор мавсумида анъанага айланмоқда

___Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ўтган ҳайъат йиғилишида жорий баҳор фаслида “Ободонлаштириш бўйича зарбдор 40 кунлик” эълон қилиш ташаббуси маъқулланган эди.

___Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тизим ташкилотлари ободонлаштириш тадбири доирасида бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами нишонланиши муносабати билан ҳар бир ходим 30 тупдан кўчат экиш ташаббусини ҳам илгари сурмоқдалар. Айни кунларда каналларнинг ҳимоя майдонларида кўчат экиш боғ барпо қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

___– Ҳар бир участкамизда сувчилар боғини барпо этишни ният қилганмиз, – дейди «Қизкеткен Кегейли» ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Марат Каипов. –Ўтган йил баҳор мавсумида “Дўстлик» каналининг 252-пикетидаги «Развилька» гидротехник иншооти атрофида тизимимиздаги дастлабки сувчилар боғини барпо қилган эдик. Бугунги кунда «Кегейли» магистрал каналининг 114-пикетидаги «Дўстлик» сув тақсимлаш иншоотининг ҳимоя майдонида иккинчи сувчилар боғини ташкил қилмоқдамиз. Шу тариқа Бошқарма тизимидаги участка ҳудудларида сувчилар боғини барпо этиш ҳар йилги баҳор мавсумида анъанага айланмоқда. 

___Фахрий сувчилар ва нуроний отахонлар дуоси билан дастлабки кўчатлар экилди. Шунингдек, улар томонидан боғ атрофига чорва молларидан ҳимояловчи тўсиқлар қуриш, кириш қисмини ободонлаштириш ҳамда сувчилар боғига ном бериб, пешлавҳа ўрнатиш каби бир қатор тавсиялар берилди.

___Кўпчилик маслаҳатлашиб янгидан барпо қилинаётган ушбу сувчилар боғига «Дўстлик» дея, ном беришни маъқул кўришди.  Бир гектарлик ушбу майдонга 325 туп олма, 155 туп ўрик, 120 туп олхўри жами 600 тупдан ортиқ мевали дарх кўчатлари экилди. Шу билан бирга тизимда ишловчи ходимларни ижтимоий ҳимоялаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида боғ орасига ва каналларнинг ҳимоя майдонларига сабзавот-полиз экинларининг уруғлари қадалмоқда.

Ғайрат Отажонов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби